Келинг, ҳозир 2-тур учрашувлари ичида энг марказий тўқнашув бўлмиш Намангандаги баҳс - "Навбаҳор" ҳамда "Локомотив" ўртасидаги ўйинни ким бошқариши мумкинлигига назар соламиз.
Биринчи турдаги "Навбаҳор"нинг Тошкентга қилган ташрифи чоғида "Пахтакор" билан бўлган учрашувдаги ҳакамлик ва беллашувдан кейинги машмашалардан кейин "Локо"га қарши бўлажак тўқнашувда ҳам ким ҳакамлик қилиши актуаль мавзу бўлиб қолиши табиий.
Айни дамда "Навбаҳор" иштирокидаги ўйинда, айниқса марказий тўқнашувда кўп минг сонли ишқибозлар қаршисида босим таъсирига тушмайдиган, ҳамма жиҳатлар бўйича учрашувда ишлаши мантиқан тўғри бўлган ҳакамлар гуруҳи бўйича танлов нисбатан кам.
"Навбаҳор" - "Локомотив" учрашувида тошкентлик ҳакамни ўйинга тайинлаш мантиқан нотўғри ва бунда нейтраллик талаблари бузилиши мумкин. Оддий мисол, дастлабки турдаги "Пахтакор" - "Навбаҳор" учрашувига ҳам айнан мазкур жиҳат инобатга олиниб, тошкентлик ҳакам ўрнига нейтрал бўлган бухоролик Ильгиз Танташев тайинланганди.
Шу боисдан ҳам Намангандаги бўлажак учрашувга катта эҳтимол тошкентлик ҳакам тайинланмайди. Шунда нейтрал бўлган ҳакамлар ичидан учта рефери қолади: Темур Тўхтасинов (Андижон) ва Зокир Қодиров (Навоий). Ильгиз Танташев эса яқинда "Навбаҳор" ўйинин бошқариб катта эътирозлар остида қолган ва кеча ЎФА мазкур реферини ҳали бошланиши маълум бўлмаган қуйи лигага 1 ойга четлатди. Демак дастлаб Ильгиз Танташев варианти автоматик равишда йўқолади.
Иккинчи бошқариши мумкин бўлган, лекин водийдан бўлгани туфайли Намангандаги баҳсда андижонлик Темур Тўхтасинов "Навбаҳор" - "Локомотив" учрашувини бошқариш эҳтимоли нисбатан камроқ.
Энг катта эҳтимол сифатида учинчи вариант, Навоий шаҳридан бўлган Зокир Қодиров танлови ҳар тарафлама мазкур учрашувда ишлашга мантиқан тўғри келади. Шунингдек, ўйин босими ва марказийлиги тарафдан ҳам бу тўқнашувга бундай ўйинларда пишган ва мухлислар таъсирига тушиб қолмайдиган ҳакам керак бўлади. Зокир Қодиров эса бундай босим ва катта ўйинларни қандай бошқаришни биладиган хуштак эгаси саналади.
Оддий мисол, 2017 йилги мавсумдаги Қаршида ўтган катта шов-шувли, "Йил ўйини" эътирофига муносиб кўрилган "Насаф" - "Пахтакор" (4:0) учрашувида ҳам айнан Зокир Қодиров тайинланган ва беллашувни аъло тарзда бошқарганди.
Мазкур жиҳатларни инобатга олган ҳолда, Намангандаги бўлажак ўйинда Зокир Қодиров бригадаси ишлаш эҳтимолини юқори баҳоласа бўлади.
Тез орада ПФЛ келаси тур ўйинларида ишлайдиган ҳакамлар номини эълон қилади ва ушбу эҳтимолий назария қанчалик тўғри ёки нотўғри, марказий ўйинда ким ишлашига аниқ жавобни оламиз.