Диёр Имомхўжаев: «Бизни ҳозирданоқ 2022 йилги мавсум ташвишга соляпти»

  • Mr.NoBoDy04.05.2021 02:05
  • 959
  • 30

«Телетрансляциялар масаласи анча нозик. Қолган спорт турлари билан солиштирганда футбол бўйича ички чемпионатларни ўтказувчи ташкилот сифатида ПФЛ сўнгги уч йилда анча олдинга юрди. Биз бугунга келиб Спорт-ТВ ва УзРепорт билан кўп жабҳаларда келишиб ишлаяпмиз.

Апрель ойи Спорт-ТВ учун ҳам оғир келганини айтиш керак. Биз Ўзбекистон Coca-Cola кубоги гуруҳ босқичини ўтказаётган вақтимизга бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати ва жаҳон кубоги, оғир атлетика бўйича Осиёокеания саралаш турнири, қиличбозлик бўйича Осиёокеания саралаш турнири каби халқаро мусобақалар тўғри келиб қолди. Олимпиада учун лицензион турнирлар сифатида улар Вазирлар Маҳкамаси қайдида туради ҳамда Спорт-ТВ уларни жонли эфирга олиб чиқиши шарт ҳисобланади.

Табиийки, бундай вақтда футбол бўйича ички мусобақаларга жой очиш мушкул масала. Шу боисдан одатда МТРК яна бир-икки телеканални Спорт-ТВ учун ёрдамга беради. Бироқ техникани барча мусобақалар учун бирдек тақсимлаш имконсиз, улар саноқли.

Шуларнинг ўзи ҳам кўрсатиб турибдики, олдинда қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Барча спорт турларини биргина Спорт-ТВ билан қамраб олиш имконсиз. Қолган спорт турларини ҳам оммалаштиришни истасак, Спорт-ТВ қошида ҳатто яна бир спорт каналига эҳтиёж мавжуд экани кўринади. Ва албатта масала яна техникага, яна катта чиқимга бориб тақалади.

Телетрансляциялар учун зарур техника эса доим жуда қиммат туради. Демак, биз бор оғирликни телеканалларга солиш эмас, катта доираларда телетрансляциялар муаммоларига ечим топиш йўлига тезроқ ўтишимиз керак. Чунки замон ўзгаряпти, биз ундан ортда қолмаслигимиз лозим.

Биргина хурсанд қиладиган томони, ПФЛ изланишда ва қолган турлардан анча олдинда. Ўзим Спорт-ТВ каналида ишлаган вақтларим фақатгина Пахтакор ёки Бунёдкорнинг Тошкентдаги ўйинлари эфирга олиб чиқиларди. Бугун эса Термиздаги ўйин кўрсатилмаса мухлислар норози бўляпти, бу яхши албатта. Кубок вақтида ҳатто SportsUz билан ҳамкорликда ишлашга тўғри келди. Улар 8 учрашувни YouTube орқали намайиш этишга кўмаклашди. Шу паллада айтиш керакки, бизни ҳозирданоқ 2022 йилги мавсум ташвишга соляпти. Биз футболнинг энг асосий мана шу йўналиши ҳақида жуда жиддий бош қотиришимиз керак»

Диёр Имомхўжаев