Элдор “Рома”га ўтса захирада қолиб кетадими?

  • Mr.NoBoDy29.07.2021 08:05
  • 888
  • 30

Футбол ТВ Студия кўрсатувида ҳам айтган фикримни бу ерда ёзишга ва аниқроқ ифодалашга уринаман. Боиси, биз студияда мавзу бўйича гаплашгач бу борадаги хабарлар янада кўпайди – Элдор Шомуродов “Рома”га ўтишга яқин экан.

Менимча, Элдор учун ҳозир мавсумни “Дженоа”да бошлаш билан “Рома”да бошлаш ўртасида катта фарқ йўқ. Нега? Аксарият мухлислар – у ҳозирги жамоасига энди кўникди, яна бир мавсум ўйнасин шу ерда, Римга борса захирада қолиши, “Рома” ва Моуриньо ўйин услубига тушмаслиги мумкин, дейишмоқда. Қўшилмайман.

Аксарият “Дженоа”нинг ўйин услуби фарқли экани, улар мавсумда кўплаб ўйинларда иккинчи рақам остида ўйнаши, бу эса Элдордан, бошқа ҳужумчилардан ва умуман жамоадан ҳам кўп вақтни тўпсиз ўтказишни талаб этишини асос сифатида келтирмоқда. “Рома”да нисбатан ундай эмаслиги рост. Бироқ, мен бунинг зиддига бошқа фикрни қўяман. Рим жамоасининг ярим ҳимояси жуда кучли, айтиш жоиз бўлса, Генуя клуби ярим ҳимояси билан солиштириб бўлмас даражада кучли. Ҳозир Никола Дзаниоло, Генрих Мхитарян, Амаду Диавара ва Лоренцо Велау каби футболчилар бор бу чизиқда. Элдор каби ҳужумчиларга яхши плеймейкер жуда зарур. Агар у юқорида номи тилга олинган футболчилардан энг камида бири билан яхши тандем бўлиб, боғлам қура олса самарадорлик ўсиши мумкин. Масалан, Россия чемпионатида ҳам Элдор аксар жамоалар билан биринчи рақамда ҳаракат қиладиган “Ростов”да йўқолиб қолмаган. Ҳа, даража бошқа, аммо ўлчовлар ўхшаш бу ерда.

Ҳужумда рақобат кучли, захирада қолиб кетади, дейишмоқда. Бу албатта баҳсли масала, Моуриньонинг захирасида кимлар қолиб кетмаган дейсиз? Лекин ҳамюртимизнинг ўзи ҳам айтганидек чақириқлардан қўрқиш керак эмас, уларни қабул қилиб енгиб ўтиш лозим.

Эдин Жеко – ҳозирча қолади. Сўнгги вақтларда унга бошқа топ жамоалар масалан, “Милан” ва “Ювентус” қизиқаётгани ҳақида миш-мишлар юрганди. Футболчининг ўзи эса уларни рад этиб, фақат “Рома” ҳақида ўйлаётгани тўғрисида айтган. Ўйлашимча, у билан рақобат қилиш мумкин. Аслида Джеко, Майорал, Педро, Эль Шарави, Перес каби ҳужумчилари бор клуб миллионлаб евро сарфлаб яна ҳужумчи изламаслиги керак эди. Бироқ, излаяптими, демак мураббий улардан қониқмаяпти. Наздимда, Рим клубидаги ҳужумчиларнинг ҳеч бири бутун мавсум учун барқарор асосий таркибга юз фоиз тормайди. Боз устига клуб кўп жабҳада, жумладан, янги Конференциялар лигаси турнирида ҳам кураш олиб бориши лозим. Ўйлашимча, барча ҳужумчиларда ўзини кўрсатиш учун имкон етарли бўлади.
 
Нима бўлганда ҳам қарорни томонлар ва футболчининг ўзи қабул қилади. Биз Элдорнинг парвози баланд ва давомий бўлишини истаймиз. У топ чемпионатда ўзини кўрсатиб улгурди. Энди навбат топ жамоага келиб қолди, насиб!

Омад, Шома!

Ориф Толипов.