Превью. «Атлетик Бильбао» – «Барселона»

  • Mr.NoBoDy22.08.2021 17:35
  • 1374
  • 30

Испания чемпионатининг нисбатан марказий ҳисобланган ўйинида «Барселона» клуби «Атлетик» майдони – «Сан Мамес» ўйингоҳида меҳмон бўлади. Гарчанд Испания грантининг майдон ва ундан ташқарида мавжуд муаммолари бисёр бўлса ҳам, клуб лига стартини омадли бошлай олди. Улар Мессисиз ҳам майдонда ғалаба қозона олиш мумкинлигини исбот қилишди. Ҳозир эса жамоа Басклар юртига сафаридан ҳам мана шундай яхши натижа истаб, шанба кунги жанг учун тайёр ҳолга келмоқда. Клуб 2021-2022 йилги мавсумни ўз уйи, «Ноу Камп»да «Реал Соседад»ни 4-2 ҳисобида мағлуб этиб, бошлади. Бунда биз Мессиси йўқ «Барса» имижи ҳақида бироз бўлсада маълумотга эга бўлдик. Таркибда клуб ва дунё футболидаги энг яхши футболчи мавжуд эмаслиги, Роналд Куман шогирдларига жуда катта таъсир этган дея олмаймиз.

«Атлетик Бильбао»га келадиган бўлсак, янги мавсум ушбу жамоа учун унчалик ҳам муваффақиятли бўлмади. Негаки, клуб дастлабки турда «Элче» билан голсиз дурангга имзо чеккан. Марселиньо шогирдлари ўтган йили Ла лига турнир жадвалида ўнинчи ўринни эгаллган эди. Янги мавсумда эса, клуб ўз олдига катта мақсад қўйган: улар бу мавсум якунида кучли олтиликка кириб, Еврокубоклар йўлланмасидан бирига эга чиқиш ниятида. Бу мақсад амалга ошиши учун жамоа мана шу турдан бошлаб, гарчанд рақиб кучли бўлса ҳам, ғалаба қозониши талаб этилади.

Ушбу икки клуб ўртасида сўнги баҳс шу йилнинг январь ойида бўлиб ўтган эди. Ўшанда «Барса» 2-3 ҳисобида зафар қучган, сўнгги учинчи гол Мессининг узатмаси туфайли урилган. Қуйида ҳар икки жамоанинг яқин тарихдаги ўзаро ўйинлар тарихига назар ташлаймиз.

«Барселона» Ла лигада «Атлетик»га қарши ўтказган сўнгги 15 учрашувининг 12 тасида ғалаба қозонган. Қолган иккитаси дуранг, биттаси эса мағлубият билан якун топган. Шу ўйинлардан охирги учтасини ўз фойдасига ҳал қила олган. 15 та ўйиннинг 9 тасида «Барса» дарвозаси даҳлсиз сақланган. Шунингдек, умумий 20 та ўйинда битта мағлубият мавжуд бўлиб, у 2019 йилда юз берган. Жамоа таркибида Билбао шаҳри клубига қарши энг маҳсулдор футболчилардан бири бу Антуан Гризманндир. У ушбу жамоа дарвозасига жами 15 та гол уришда иштирок этган бўлиб, уларнинг 9 таси гол, 6 таси эса голли узатма сирасига киради. Франция терма жамоаси аъзоси бу кўрсаткич бўйича лиганинг қолган исталган ҳужумчисидан яхшироқ натижага эга.


Билбао шаҳрининг «Атлетик» клуби каталонияликларга қарши ўта салъбий статистикага қайд этиб турибди. Улар Ла лиганинг сўнгги 5 та ўйинида ушбу жамоага қарши бирорта ҳам ғалаба қайд эта билмаган. Уларнинг тўрттасида ҳатто рақиб дарвозасини ишғол этишни уддалай олмаган. Шунингдек, жамоа «Барселона»ни узоқ йиллардан буён ўз уйида мағлуб эта олмаяпти. Клуб ҳужумчиси Икер Муниаин «Атлетик»нинг «Барса» дарвозасига киритган сўнгги олти голининг учтасида бевосита иштирок этган. Уларнинг биттаси гол иккитаси ассистдир.

«Барселона» учун эҳтимолий таркиб қуйидагича(4-3-3): дарвозабон: Нето;
Ҳимоячилар: Дест, Пике, Гарция ҳамда Алба; Яримҳимоячилар: де Ёнг, Бускетс ва Педри; Ҳужумчилар: Гризманн, Брайтвейт ҳамда Депай.


«Атлетик Бильбао» учун эҳтимолий таркиб қуйидагича(4-4-2): дарвозабон: Агиррезабала; Ҳимоячилар: Лекуэ, Алварез, Мартинез ҳамда Балензиага; Яримҳимоячилар: Беренгуэр, Д. Гарция, Венседор ва Муниаин; Ҳужум чизиғида: Уиллямс ҳамда Р. Гарциялар ҳаракат қилишади.

Эслатиб ўтамиз, «Атлетик Бильбао» ҳамда «Барселона» ўртасидаги баҳсни Тошкент вақти билан соат 00:55дан бошлаб, Футбол ТВ канали орқали жонли эфирда томоша қилишингиз мумкин бўлади.


Жалолиддин ИСМАТОВ