Ўзбекистон футбол ассоциацияси Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети билан ҳамкорликни йўлга қўйгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Мазкур ҳамкорликдан асосий мақсад Университет талабалари орасида футбол ҳакамлиги ва мураббийлиги билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро мусобақаларда фаолият олиб борадиган иқтидорли ҳакамлар ва истеъдодли мураббийларни тайёрлашдан иборат.
Шунга кўра бугун ЎФА Мураббийлар таълими департаменти томонидан Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети талабалари билан учрашув ташкил қилинди.
Учрашув давомида мураббийлик соҳасининг ўзига хос томонлари ҳақида сўз юритилиб, бу касбни танлашга қарор қилган талабалардан қандай жиҳатлар талаб қилиниши ҳақида гапириб ўтилди. Шунингдек, мураббийлар ёш футболчилар билан ишлашда ўзига хос руҳшунос бўлишлари зарурлиги, болаларнинг психологиясидан келиб чиқиб улар билан машғулотлар ташкил қилиш зарурлиги ҳақида маълумот берилди. Мураббийлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга ишни нимадан бошлаш ҳақида амалий маслаҳатлар берилди.
Эндиликда Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетининг 3-курсида таълим олаётган мураббийлик билан шуғулланиш истагида бўлган талабалар саралаб олиниб, улар мураббийлик ўқув курсларининг дастлабки босқичларига жалб қилинади. Мазкур талабалар 4-курсда лицензияни қўлга киритган ҳолда иш фаолиятини бошлаши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 2 март куни Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия ва спорт университетид ҳакамлик мавзусида талабалар билан дастлабки учрашув ташкил қилинганди. Унда таниқли ҳакам, ФИФА рефериси Равшан Эрматов ўз гуруҳи билан иштирок этиб, талабалар билан суҳбат ўтказганди.
Манба:
Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.