Оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан табриклаймиз
Mr.NoBoDy27.06.2019 10:00
1825
30
27 июнь — матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни.
Миллий футболимизда юз бераётган янгиликлар, воқеа ҳамда ҳодисалар тўғрисида батафсил маълумот бериш, футбол ишқибозларига миллий ҳамда турли ёш тоифасидаги терма жамоалар, шунингдек, ички чемпионатимиз учрашувлари, кубок баҳслари тўғрисида батафсил, аниқ ва тезкорлик асосида ахборот етказиш борасида оммавий ахборот воситалари вакилларининг ўрни кундан-кунга ортиб бораётгани барчамизга маълум.
Шу муносабат билан Ўзбекистон футбол ассоциацияси юртимизда фаолият олиб бораётган барча турдаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларини касб байрами билан муборакбод этади ва уларнинг машаққатли фаолиятида муваффақиятлар тилайди.
“Ҳурматли Оммавий ахборот воситалари ходимлари, азиз дўстлар, ўзбек футболининг ҳақиқий жонкуярлари! Бугунги касб байрамингиз билан футбол оиласи номидан табриклайман. Футбол оламидаги янгиликларни мухлисларга холис, батафсил ҳамда аниқ тарзда етказиб беришда ОАВнинг ўрни ниҳоятда беқиёс. Ушбу масъулиятли касбингизни адо этишда сизга мустаҳкам соғлиқ, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, иш-фаолиятингизда омад тилайман ва доим футболга бўлган меҳрингиз ана шундай баланд бўлишига тилакдошман”, дея оммавий ахборот воситалари ходимларига ўз тилакларини йўллади Равшан Эрматов.