Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун Тошкентда Эрон олимпия термасига қарши навбатдаги ўртоқлик ўйинини ўтказди.
Қизиқарли тарзда кўриниш олган учрашувда вакилларимиз 4:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Бобир Абдихолиқов хет-трик қайд этган бўлса, Жасур Яхшибоев 1 марта рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди.
Ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Любинко Друлович қуйидагича фикр билдирди:
- Бугун қандай ўйин намойиш этганимизни барча кўрди. Ишқибозларга манзур бўладиган ўйин бўлди, назаримда. Йигитлар ўз ватани шаъни учун қандай кураш олиб бориш лозимлигини намойиш эта олишди. Фақат стадионга янада кўпроқ мухлис келганида янада яхши бўлар эди. Зеро шогирдларим ҳақли тарзда зафар қучишди. Ўйинни томоша қилган барча мамнун бўлди, деб умид қиламан. Менинг ўйиндан кўнглим тўлди. Машғулотларда ишлаган режаларимиз ва берган кўрсатмаларимиз майдонда адо этилди. Бундан хурсандман. Якуний натиждан ҳам қониқдим.