Эртадан Тошкентда U-16 Осиё чемпионати-2020 саралаш баҳслари старт олади.
Пойтахтимиз мезбонлик қиладиган саралашнинг “B” гуруҳида Ҳиндистон, Ўзбекистон, Баҳрайн ва Туркманистон ўсмирлар терма жамоаси йўлланма учун баҳс олиб боришади.
Ўзбекистон U-16 терма жамоаси илк учрашувини 18 сентябрь куни соат 16:00да “Жар” стадионида Баҳрайнга қарши ўтказади.
Бугун саралаш баҳслари олдидан матбуот анжумани ташкил этилди. Унда Ўзбекистон U-16 терма жамоаси бош мураббийи Азамат Абдураимов қуйидагича фикр билдирди:
- Ҳиндистон, Баҳрайн ва Туркманистон терма жамоаларини юртимизда кўриб турганимдан мамнунман. Гуруҳимиз чиндан ҳам анча мураккаб. Баъзи мухлислар бизни осон гуруҳдан ўрин олди, деб ўйлашмоқда. Лекин 15-16 ёшли болалар футболи билан катталар футболи ўртасида тафовут мавжуд. Биз гуруҳдаги барча жамоаларни ҳурмат қиламиз. Олдимизга гуруҳда 1-ўринни эгаллаш ва Осиё чемпионатига йўл олиш вазифаси қўйилган. Ҳар бир иштирокчи жамоага омад тилайман ва саралаш баҳслари турли жароҳатларсиз ўтишини тилаб қоламан.