Хабарингиз бор, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 11 ва 14 октябрь кунлари Жанубий Корея олимпия термасига қарши сафарда ўртоқлик ўйинлари ўтказади.
Айни пайтда терма жамоамиз мазкур ўйинлар олдидан пойтахтимизда йиғин ўтказмоқда.
Ўзбекистон олимпия терма жамоаси устози Любинко Друлович қитъа чемпионатига тайёргарлик жараёни ва қуръа натижалари хусусида ўз мулоҳазаларини билдирди.
- Даставвал яқинда бўлиб ўтган қуръа тўғрисида фикр билдириб ўтсам. Осиё чемпионатида жуда мураккаб гуруҳдан ўрин олдик. Зеро гуруҳимиздан жой эгаллаган ҳар бир терма жамоа қитъада етакчилар сирасига киради. Шу боисдан олдинда бизни жуда қизиқарли ва шиддатли тўқнашувлар кутаётгани тайин.
Лекин ҳали мусобақага етарлича вақт бор ва биз режа асосида тайёргарлик жараёнини давом эттиряпмиз. Яқинда Эрон олимпия терма жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказган эдик. Ушбу рақиб тўғрисида етарлича тасаввурга эгамиз. Энди эса Жанубий Корея билан ҳам баҳс олиб борамиз. Биласизми, биз ушбу рақиблар билан ўртоқлик ўйини ўтказиш масаласини қуръадан анча аввал келишиб олган эдик. Қуръа эса айнан ўртоқлик ўйинларида ҳам тўқнаш келган терма жамоаларни бизга тақдим этди. Нима ҳам дея оламиз, қуръа натижаларини олдиндан тахмин қилиб бўлмайди.