Футболни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ишлаб чиқилаётган Президент фармонини такомиллаштириш муҳокамага қўйилди
Mr.NoBoDy19.11.2019 12:00
1105
30
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон лойиҳаси эълон қилиниш арафасида турибди. Бугун Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мазкур фармонни такомиллаштириш ва уни янада бойитиш юзасидан йиғилиш ўтказилди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, ЎФА раисининг биринчи ўринбосари Равшан Ирматов, Республикамизда футбол соҳасида улкан тажрибага эга бўлган соҳа мутахассислари ва ОАВ вакиллари иштирок этди.
Сўнгги йилларда халқимизининг саломатлиги тўғрисида ғамхўрлик қилиш, маънавий ва жисмоний баркамол авлодни шакллантириш, миллионлар ўйини бўлган ва мамлакатимизда алоҳида ўрин тутадиган спортнинг футбол турига аҳолини, айниқса ёшларни кенг жалб этиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда.
Йиғилишда Абдужаббор. Абдувоҳидов сўзга чиқиб, соҳани ривожлантириш йўлида қилиниши зарур бўлган ишлар юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Дунё тажрибасидан маълумки, футболи зўр бўлган мамлакатнинг иқтисоди ҳам яхши бўлади. Мазкур фармон муҳокамага қўйилишидан аввал уни ЎФА раиси билан яхшилаб муҳокама қилиб олдик. Зеро, шахсан Президентимизнинг ўзлари футболни янада ривожлантириш бўйича топшириқ бердилар. Мана, бизнинг боксчиларимизни бутун дунё тан олди. Нега бошқа спорт турларида бундай даражага чиқа олмаймиз? Чунки спортнинг ушбу турида йиллар давомида шаклланиб келаётган ўзбек бокс мактаби бор, малакали мутахассислар ва яхши йўлга қўйилган тизим мавжуд. Мана шу тизимли ишлашни бошқа спорт турларида ҳам йўлга қўйсакгина натижага эриша оламиз. Бунинг учун ишни, аввало, болалар футболини ривожлантириш ва хусусий футбол мактабларини ривожлантиришдан бошлаш керак. Мана шундай ташаббус билан чиқадиган тадбиркорларни доимо қўллаб-қувватлаймиз”, – деди Абдужаббор Абдувоҳидов.
Мазкур фармонда Ўзбекистонда футболни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турига айлантириш, юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, мамлакат футболини ривожланган мамлакатлар билан рақобат қила оладиган даражага етказиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш, футбол клублари фаолиятини ривожлантириш, терма жамоалар учун ўқув-машқ жараёнини самарали ташкил этиш, мамлакатимизда футбол. бўйича йирик халқаро мусобақалар, жумладан, ўсмирлар, ёшлар ва хотин-қизлар жамоалари ўртасида жаҳон ва қитъа биринчиликларини ўтказиш мақсадида Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари бўйича фармон лойиҳаси тайёрланди ва Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Фармон лойиҳаси футболни янги босқичга олиб чиқиш бўйича 18 та банд, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида профессионал футболни ривожлантириш схемаси (4 йўналишда), 5 бобдан иборат Ўзбекистонда футболни 2030 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси, 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган “Йўл харитаси”, 7 қисмни ўзида жамлаган 2030 йилгача футболни ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари, 2020–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги футбол маҳорат мактабларини ташкил этиш, уларда қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш жадвали, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигига ўтказиладиган профессионал футбол клублари устав фондидаги давлат улушлари ва хўжалик жамиятларининг улушлари рўйхати, Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар каби иловалардан ташкил топган.
OlympicUz билан ҳамкорликда.
Лойиҳанинг тўлиқ матни билан танишиш, таклиф ва мулоҳазалар учун ҳавола: