Январь ойида Таиландда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Унда Любинко Друлович бошқарувидаги Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳам иштирок этади.
Аввал хабар берганимиздек, эртадан олимпиячиларимиз мусобақага тайёргарлик доирасидаги сўнгги йиғинга киришади.
Йиғин олдидан эса Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти Олимпия терма жамоамиз мураббийлар штаби билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида терма жамоа олдига қўйилган вазифалар, олдиндаги якуний ўқув-машғулот йиғини, Осиё чемпионатига олиб борилган тайёргарлик жараёни муҳокама қилинди. МОҚ президенти Рустам Шоабдураҳмонов ва ЎФА Биринчи вице-президенти Равшан Эрматов Любинко Друлович бошчилигидаги мураббийлар штаби билан дўстона мулоқот қилиб, терма жамоадаги ички муҳит, футболчиларнинг жисмоний ҳамда руҳий тайёргарлиги билан қизиқишди. Терма жамоа аъзоларига зарур барча шарт-шароит яратиб берилиши, уларнинг бор диққат-эътиборлари фақат ва фақат олдиндаги масъулиятли мусобақага қаратилиши лозим экани таъкидланди.