Жиззахда футбол фестивали бўлиб ўтди

  • Mr.NoBoDy09.12.2019 20:34
  • 954
  • 30

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида футболни ривожлантириш бўйича амалий ишларни бошлаб юборди.

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов бошчилигидаги мутахассислар гуруҳи Жиззах вилоятида бўлиб, ҳудудда болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган футбол тўгараклари ишини яхшилашга қаратилган футбол фестивалида қатнашишди. 

Жиззах шаҳридаги 22-умумтаълим мактабида бўлиб ўтган мазкур фестивалда вилоятнинг 20 та мактабидан ўқувчилар иштирок этишди ва уларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан футбол тўплари ва жиҳозлари тақдим этилди.

Бу каби фестиваллар давоми сифатида Жиззах вилоят Халқ таълими бошқармаси, вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, вилоят футбол ассоциацияси вакиллари билан келажакда умумтаълим мактаблари ўртасида “Мактаблар лигаси”ни ўтказишга келишиб олинди. 

- Давлатимиз раҳбари бизга футболни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш борасида жуда юқори талаб қўймоқдалар. Айниқса, ёшларни мунтазам равишда футболга жалб этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб қўйилган. Биз вазиятни ўрганиб чиқиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга енг шимариб киришмоқдамиз. Республикамизда футболни севмайдиган бола бўлмаса керак. Бизнинг асосий вазифамиз эса – футбол билан шуғулланишни истайдиган болалар учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бериш саналади. Ўзбекистон футбол ассоциацияси бу борада барча имкониятларини ишга солади, - дея таъкидлаб ўтди Равшан Эрматов.

Қайд этиш жоиз, бундай футбол фестиваллари бундан кейин Республикамизнинг барча ҳудудларида ташкил этилади.  


















Ўхшаш янгиликлар