Водийда футбол фестивали бўлиб ўтди

  • Mr.NoBoDy12.12.2019 19:34
  • 1086
  • 30

Жорий йилнинг 4 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбекистонда футболни ривожлантиришни мутлақо янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида футболни оммалаштириш борасидаги амалий ишларни бошлаб юборгани ҳақида хабар берган эдик. Жумладан, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятларида футбол фестиваллари ўтказилган эди.

11-12 декабрь кунлари Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутахассислари гуруҳи Фарғона водийсида бўлиб, Андижон, Наманган ҳамда Фарғона вилоятларида болалар ва ўсмирларни футбол билан шуғулланишга қизиқишини ошириш, ҳаваскор футболни оммавийлаштириш, бу борада умумтаълим мактабларида фаолият олиб бораётган футбол тўгараклари ишини яхшилашга қаратилган футбол фестивалида қатнашишди.

Дастлаб Фарғона шаҳридаги Олимпия захиралари спорт коллежида, кейин Андижон футбол маҳорати мактабида, шунингдек, бугун эса Намангандаги “Пахлавон” спорт мажмуасида футбол фестиваллари ташкил этилди. Фестивалда чекка туманларда жойлашган мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этишди ва уларга Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан футбол тўплари, спорт жиҳозлари тақдим этилди. Наманганда ўтган фестивал давомида Мирзоҳид Ғофуров, Жаҳонгир Меҳмонов, Санжар Асқаралиев каби машхур футболчилар ёш ўқувчиларга маҳорат дарслари ҳам ўтказишди, ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди.

Эндиликда вилоятлар Халқ таълими бошқармалари, Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, “Ёшлик” спорт жамияти, вилоят футбол ассоциациялари билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари ўртасида “Мактаблар лигаси” ташкил этилади.

Бу каби футбол фестиваллари режа асосида Республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ташкил этилади. 13-14 декабрь саналарида Тошкент шаҳри ва вилоятида футбол фестивали ўтказилади. 

Ўхшаш янгиликлар