Бирлашган Араб Амирликларида йиғин олиб бораётган Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бугун йиғин доирасидаги илк назорат ўйинини ўтказди.
Олимпиячиларимизга БАА 1-дивизиони вакили “Ал Араби” клуби рақиблик қилди. Умм ал Қувайн амирлиги шарафини ҳимоя қиладиган мазкур жамоада “Бухоро” клуби собиқ футболчиси Ивор Вайцер фаолият олиб бормоқда.
Учрашув "Умм ал Қувайн" стадионида ўтказилди. Ўйиннинг илк дақиқалариданоқ Любинко Друлович шогирдлари ташаббусни қўлга олишга уринишди. Натижада 7-дақиқадаёқ ҳисоб очилди. Бобур Абдихолиқов жамоадоши узатиб берган тўпни кучли зарба билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Сўнгра ўйин темпи бироз тенглашди, мезбонлар ҳам олдинга ўтишди.
Учрашувнинг 31-дақиқасида эса Санжар Қодирқулов рақиб дарвозаси томон рейд уюштирди ва кучли зарба билан дарвозани ишғол этди.
Иккинчи бўлим курашларга бой тарзда ўтди. Лекин рақибдан бир бош устун ўйнай олган футболчиларимиз яна 2 марта гол уришнинг уддасидан чиқишди. Миржаҳон Мираҳмадов ва Хожиакбар Алижонов ўз номини таблога ёздириб қўйди.
Шу тариқа якунда олимпия терма жамоамиз дастлабки назорат ўйинида 4:0 ҳисобида зафар қучди.
Назорат ўйини
"Ал Араби" (БАА) - Ўзбекистон U-23 0:4
Голлар: Бобур Абдихолиқов (7'), Санжар Қодирқулов (31'), Миржаҳон Мираҳмадов (79'), Хожиакбар Алижонов (83').
Ўзбекистон U-23: Абдувоҳид Неъматов, Ислом Қобилов, Абдулла Абдуллаев, Дилшод Саитов, Азиз Ғаниев, Нурилло Тўхтасинов, Бобур Абдихолиқов, Шерзод Насруллаев, Азиз Амонов, Ҳусниддин Алиқулов, Санжар Қодирқулов.