Хабарингиз бор, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Осиё чемпионатига тайёргарликнинг якуний босқичини Бирлашган Араб Амирликларида олиб бормоқда.
Любинко Друлович бошқарувидаги олимпиячиларимиз кунига 2 маҳалдан машғулотлар ўтказишмоқда. Қолаверса, йиғин доирасида ўртоқлик учрашувлари ҳам ташкил этилмоқда. Ҳозирга қадар терма жамоамиз БАА йиғини доирасида 3 та ўртоқлик ўйини ўтказди ва учала баҳсда ҳам ғалаба қозонди.
Қайд этиш жоиз, Ўзбекистон U-23 терма жамоаси 1 январь санасига қадар Дубайда машғулотлар олиб боради. Эртага БАА 1-дивизиони вакили – “Ал Ҳамрия” клуби билан ўртоқлик учрашувида майдонга тушилади.
Сўнгра терма жамоамиз 1 январда Таиландга йўл олади. Мусобақа олдидан якуний ўртоқлик ўйини эса 3 январь куни Бангкокда Қатар олимпия термасига қарши ўтказилади.
Қатар билан ўйиндан кейин терма жамоамиз мусобақа доирасидаги илк учрашувини ўтказадиган Сонгхла шаҳрига йўл олади.