Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва БААнинг "Шаржа" клуби ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров "China cup-2019" халқаро мусобақасидан ўрин олган Хитойга қарши ўйинда жароҳат олиб, майдонни эрта тарк этганди. Кейинчалик текширувлар натижасида Шукуровнинг болдир суяги пастдан сингани ва у камида 2 ой майдонга туша олмаслиги маълум бўлди. Миллий терма жамоа шифокорлари маҳаллий шифохонада Отабек Шукуровга дастлабки тиббий ёрдамни кўрсатгач, футболчи даволанишни давом эттириш учун ўз клуби ихтиёрига йўл олди. Чунки бундай ҳолларда футболчи жароҳатини даволаш учун клуб билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутиши талаб этиларди. "Шаржа" клуби шифокорлари Отабек Шукуровнинг жароҳатини кўздан кечириб, операция орқали даволашга қарор қилишди. Эндиликда футболчимиз Лондонда операция қилинади. Ҳозирда у ҳужжатлар билан боғлиқ расмиятчиликлар тугашини кутмоқда.
Отабек Шукуровга жароҳат етказган Хитой миллий терма жамоаси ва "Гуанчжоу Эвергранд" клуби ҳужумчиси Веи Ши Хао ўйиндан кейин футболчимизнинг олдига келиб, ундан узр сўраб, қилган иши учун пушаймон эканини маълум қилганди. Қолаверса, Хитой терма жамоаси ёрдамчи мураббийи, шифокори, менежери ҳам Отабек Шукуровдан хабар олиб, футболчиларининг ҳаракатларидан афсусда эканликларини айтиб ўтишганди.
Шунга қарамай, "Гуанчжоу Эвергранд" клуби футболчисининг Шукуровга нисбатан қўполлигини қаттиқ қоралаб, Веи Ши Хаони клуб ўйинларидан четлатгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Қолаверса, Веи Ши Хао ҳаракатлари ўрганиб чиқилиб, футболчи бир умрга футболдан четлатилиши ҳам мумкинлиги эълон қилинганди.
Терма жамоамиз ярим ҳимоячиси бу ҳолатга қуйидагича муносабат билдирди: "Жароҳатдан сўнг мавсумнинг қолган қисмида клубимга ёрдам бера олмаслигимни билиб, жуда ҳам тушкунликка тушиб қолгандим. Дўстларим, мухлисларим мени қўллаб-қувватлаши натижасида тушкунликни бир оз бўлсада енгиб ўтишга муваффақ бўлдим. Аммо менга жароҳат етказган Ве Ши Хао клуби томонидан жазоланганини, маълум муддат майдонга туша олмаслигини эшитганимдан кейин яна хафа бўлдим. Келажакка катта умидлар билан боқувчи ёш футболчи сифатида майдонга туша олмай, футболдан четда бўлиш қанчалик катта фожеа эканини яхши биламан. Профессионал футболчи сифатида футболда жисмоний тўқнашувлар табиий эканини тушунаман, Веи Ши Хао ўйиндан кейин олдимга келиб, узр сўраганда, мен унинг узрини қабул қилганман. Шу сабабли мен "Гуанчжоу Эвергранд" клубига расман мурожаат қилиб, футболчига белгиланган жазо чорасини юмшатишни сўраб қолган бўлардим".
Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.