Ўзбекистон футбол ассоциацияси мамлакатимизда болалар футболини ривожлантириш, футболни янада оммавийлаштириш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Япониянинг “Ванфоре Кофу” футбол клуби мамлакатимизнинг бир қатор болалар ва ўсмирлар футбол академиялари билан халқаро ўртоқлик учрашувларини ўтказиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар бериб ўтгандик.
Кеча Самарқандда япониялик футболчилар вилоят болалар ва ўсмирлар футбол академияси билан ўртоқлик ўйини ўтказди. Учрашув ҳақиқий байрамона тарзда ташкил қилинди. Ўйин олдидан Япония клуби мураббийларига зарбоф чопон кийдирилди ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Учрашув шиддатли ва курашларга бой тарзда ташкил қилинди. Биринчи бўлим Самарқанд болалар ва ўсмирлар академияси тарбияланувчиларининг 2:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди. Иккинчи таймда академия жамоаси устози иккинчи таркиб футболчиларни майдонга туширди. Натижада япониялик футболчилар 4та гол уриб ғалабани ўзлари томон оғдиришга муваффақ бўлишди.
Бугун "Ванфоре Кофу" жамоаси Тошкентга етиб келади. Япония клуби "Чиғатой"да Тошкент болалар ва ўсмирлар академияси тарбияланувчиларига қарши ўртоқлик ўйини ўтказишади.
Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.