Баҳром Норсафаров: "Бугунги ўйиндаги ғалаба биз учун муҳим эди"

  • Mr.NoBoDy06.04.2019 19:00
  • 1268
  • 30

 
Токио-2020 олимпиадаси 2-саралаш босқичидан ўрин олган Ўзбекистон - Иордания учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар устози Аззериди Чи иштирок этиб, ўз фикрларини билдириб ўтди:
 
"Ўзбекистон терма жамоасини ғалаба билан табриклайман. Бугунги ўйин биз учун оғир бўлди. Аммо биз янада кучлироқ бўлишга ҳаракат қиламиз. Терма жамоамиз ҳали ёш.  Камчиликларимизни таҳлил қилиб, хатоларимизни тўғирлашга интиламиз.
 
Бугунги ўйинда футболчиларимиз кўп хатоларга йўл қўйишди. Бу хатоларни устида ишлаймиз. Баъзи вазиятларда омад ҳам кулиб боқмаганини таъкидлаш зарур. Биринчи бўлимда тўп дарвоза тўсинига тегмай, гол бўлганида ўйин бошқача кечарди. Бу таркиб энди миллий терма жамоага айланади. Аёллар ўртасидаги Осиё Кубогига тайёргарлик кўрамиз. Бу таркибга кирмай қолган бошқа футболчиларни ҳам кўриб чиқамиз", - деди Иордания терма жамоаси бош мураббийи.
 
Матбуот анжуманининг иккинчи қисмида терма жамоамиз бош мураббийи Баҳром Норсафаров қатнашди.
 
"Вьетнамга қарши ўйиндаги мағлубиятдан кейин бугунги учрашувда ғалаба қозониш биз учун муҳим эди. Терма жамоамиз футболчилари борларини бериб ҳаракат қилишди. Жуда кўплаб вазиятларни юзага келтирдик, аммо фақат иккитасидан фойдаланишга муваффақ бўлдик. Иккинчи бўлимда биринчисига қараганда яхшироқ ўйнадик. Босим натижасида рақибни қийнаб қўйишга эришдик. Бугунги учрашувда ҳакам иккита вазиятда яққол пенальтини бермади. Аввалги учрашувда ҳам ўйинимизни бошқариб борган ҳакам хатоларга йўл қўйганди. Менинг фикримча, бундай мусобақаларга тажрибали ҳакамларни қўйиш керак. Энди Гонконгга қарши ўйинга тайёргарлик кўрамиз", - деди Баҳром Норсафаров.

Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.

Ўхшаш янгиликлар