Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан иборат Ўзбекистон терма жамоаси йиғин ўтказиш учун Туркиянинг Анталия шаҳрига йўл олгани ҳақида хабар бериб ўтгандик. Жамшид Асадов бошчилигидаги терма жамоа аъзолари Анталияда икки маҳал машғулотлар ўтказишмоқда. Машғулот давомида футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва техникаси устида иш олиб бориляпти.
Бугун терма жамоа аъзолари Туркияда назорат ўйини ўтказишди. Анталия U-17 жамоасига қарши кечган учрашувда вакилларимиз 8:4 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Мазкур терма жамоа аъзолари бу йил июль ойида Польшада бўлиб ўтадиган Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасидаги Жаҳон Кубогида иштирок этишади. Ушбу мусобақага муносиб тайёргарлик кўриш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан терма жамоа аъзоларига барча шароитлар яратиб берилмоқда.
Манба:
Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.