Ўзбекистон футбол ассоциацияси Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Андижонга ташриф буюргани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Бугун Умид Аҳмаджонов Шўрбулоқ даҳасида жойлашган болалар-ўсмирлар футбол академиясига бориб, у ердаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Соат 16:00да эса Андижондаги "Соғлом авлод" стадионида янги мавсум очилиши бўлиб ўтди. Мазкур ўйингоҳда катта ҳажмдаги таъмирлаш ишлари олиб борилганини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Янги мавсумнинг очилишида ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов, Андижон вилояти ҳокими, вилоят футбол ассоциацияси президенти Шуҳратбек Абдураҳмонов, шунингдек, ЎФА ва ПФЛ мутасаддилари қатнашишди. Умид Аҳмаджонов очилиш маросимида сўзга чиқар экан, водийда футболни жуда яхши кўришларини, шунга яраша водий жамоалари ҳам чиройли ва томошабоп футбол намойиш қилишга интилишлари зарурлигини таъкидлади ва "Андижон" жамоасига янги мавсумда омад тилади.
Шундан сўнг стадионга йиғилган томошабинлар учун концерт дастури ташкил қилинди. Стадионда ҳақиқий байрамона кайфият юзага келди. Айни пайтда "Андижон" жамоаси 5-турдан ўрин олган учрашувни "Насаф" жамоасига қарши "Соғлом авлод" стадионида ўтказмоқда. Мазкур учрашувни Умид Аҳмаджонов бевосита стадионда томоша қиляпти.