Ўзбекистон футбол ассоциацияси мутасаддилари Нидерландия футбол федерациясида бўлишди
Mr.NoBoDy19.04.2019 09:34
1095
30
Нидерландия Қироллигида бўлиб турган Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари мамлакатдаги иккинчи кунда Нидерландия футбол федерациясининг халқаро ҳамкорлик бўлими мутахассиси Йохан ван Гейжн билан учрашиб, футбол федерациясининг фаолияти, маҳаллий ҳокимият томонидан қаратилаётган эътибор, футбол клублари ва футбол мактабларининг инфратузилмалари, структураси, самарали тизими, ёш футболчиларни босқичма-босқич тайёрлаш дастури, мураббийлик таълими, ҳаваскор футбол клублари, аёллар футболи ҳамда оммавий футболга жалб қилиш мехнизми юзасидан бир қатор масалаларга ойдинлик киритилди. Шунингдек, Голландия футбол федерацияси томонидан олиб борилаётган болалар-ўсмирлар футболига оид тегишли меъёрий ҳужжатлар билан яқиндан танишилди.
Шу билан бирга, Йохан ван Гейжн билан келажакда ҳамкорлик қилиш, тажриба алмашиш ҳамда дастурий маълумотлар алмашиниш юзасидан келишувга эришилди.
Бундан ташқари, мамлакат миллий терма жамоаси ўқув-машғулотлар ўтказадиган қароргоҳнинг моддий-техник базаси ва терма жамоа аъзоларига яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.
Хусусан, тиббиёт муолажахоналари, тикланиш хоналари, фитнесс хонаси, Илмий-услубий ўрганиш хоналарида фаолият юритувчи мутахассислар билан фикр-мулоҳазалар алмашилди.
Шунингдек, Нидерландия футбол федерацияси қароргоҳида қад кўтарган VAR тизими билан яқиндан танишилиб, мазкур тизимда фаолият юритаётган мутахассислар фикри ўрганилди.
Нидерландия футбол федерация ва Нидерландия миллий терма жамоаси қароргоҳида олиб борилган музокаралар якунига етгач, куннинг иккинчи ярмида “Greenfields” (футбол майдонларини қуриш) компанияси вакили Марк Ганзебум билан учрашиб, келажагимиз авлодлари учун мамлакатимизда сифатли футбол майдонлари қуриш, болажонлар футбол билан шуғулланиши учун уларга етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида бир қатор таклифлар киритилди. Шу билан бирга Марк Ганзебум ўз тақдимотида сифатли футбол майдонларининг қурилиши билан боғлиқ бир қатор ҳужжатлар билан таништириб ўтди.
Қайд этиш жоизки, Нидерландия Қироллиги давлатида ҳар 15 км масофада футбол майдони мавжуд бўлиб, мазкур майдонларда 1500 нафардан ошиқ болажонлар, 30 нафар мураббий, 70 нафар волонтёрлар фаолият олиб боришади. Бундай клублар Голландия бўйлаб 3100 дан зиёддир.