Суперлига клублари вакиллари учун майдон чимини парваришлаш бўйича семинар ташкил этилди
Mr.NoBoDy22.04.2019 15:34
1180
30
Биласиз, Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси Суперлига ва Про-лига клублари стадионларининг замонавий талабларга жавоб бериши, хусусан майдон чимининг ҳолати идеал даражага келтирилиши масаласига жуда жиддий эътибор қаратмоқда.
Натижада, жорий мавсум аввалида қатор стадионларда майдон майсаси янгиланди ва яхши ҳолатга келтирилмоқда.
Бу борадаги ишларни янада жадаллаштириш, ҳар бир клуб уй стадиони майдони ҳолати ҳамма вақт яхши даражада бўлишини таъминлаш мақсадида ЎзПФЛ ташаббуси билан бугун “Миллий” стадионда клублар майдонига масъул ходимлар учун махсус амалий семинар ташкил этилди. Унда барча клублар вакиллари, майдон бўйича мутахассислари иштирок этишди.
Семинарни Туркия Футбол Федерацияси майдонлар бўйича мутахассислари Туғрул Ҳочаоглу ҳамда Тайфун Тунгуз олиб боришди. Унда футбол учрашувлари ўтказиладиган майдонларга қандай парвариш бериш, майсани суғоришдаги муҳим жиҳатлар, чим ҳолатини яхшилайдиган ўғит ва бошқа махсулотлардан қандай фойдаланиш ва умуман майдонни футбол учрашувини қабул қилишга идеал ҳолда тайёрлашда эътибор қаратиладиган барча жиҳатлар тўғрисида батафсил маълумот алмашилди.
Семинар қатнашчилари бўлган клубларимиз вакиллари бу борада ўзларини қизиқтирган саволларга бафуржа жавоб олишди ва турк мутахассислари тажрибасини ўз иш жойларида татбиқ этиш бўйича фикр алмашишди.
Қайд этиш жоиз, “Миллий” стадионнинг чимини янгилаш ишлари олиб борилаётгани ҳақида аввал хабар бериб ўтгандик. Мазкур стадион чимини янгилашда ҳам айнан турк мутахассислари иш олиб боришди. Бугунги семинарда ушбу мутахассислар ҳам иштирок этишди ва ўз тавсия ва тажрибалари билан ўртоқлашишди.