Андижондаги 25-мактабгача таълим муассасида ёш болажонлар билан футбол мавзусида ўзига хос учрашув ташкил этилди
Mr.NoBoDy25.04.2019 09:34
1066
30
Ўзбекистон ҳар соҳада ривожланиш учун олдинга дадил қадам ташлаётгани каби спортда ва хусусан футболда ҳам катта ислоҳотлар жадал суръатларда олиб борилаётганини бугунги кунда бемалол айтиш мумкин. Дунёда биринчи рақамли спорт тури ҳисобланган футболни ҳам юртимизда жуда кенг тарғиб қилиш, жиддий равишда ривожлантириш ва унинг оммавийлигини янада ошириш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ҳам изланишлар ва бунинг самараси ўлароқ истиқболли режалар-у, лойиҳалар ишлаб чиқилиб, амалга татбиқ этилмоқда. Бундан кўзланган мақсад эса битта: у ҳам бўлса, мамлакатимизда футболни ҳар томонлама ривожлантиришдир. Бунинг учун эса Республикамизнинг чекка-чекка ҳудудларигача футболни кенг тарғиб қилиш ҳамда шарт-шароитларини яхшилаш ҳам бугунги кун талабига айланган.
Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциациясининг Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг яқинда Андижондаги футбол академиясига қилган ташрифи чоғида мамлакатимизда болалар футболини жиддий равишда ривожлантириш учун бу ишни эндиликда мактабгача таълим муассасаларидан бошлаш кераклиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтганди. Ушбу лойиҳа юртимизда футболнинг ривожланиш йўлидаги асосий бўғинлардан бири бўлиб, ёш болакайларга футболни танитиш ва унга бўлган қизиқишни ошириш каби изчил ҳаракатлар биринчилардан бўлиб Андижонда амалга татбиқ этилаётгани ҳам эътиборга моликдир.
Шу мақсадда Андижон вилояти футбол ассоциацияси ЎФА Биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига асосан, Андижон шаҳридаги 25-мактабгача таълим муассасида ёш болажонлар билан футбол мавзусида ўзига хос учрашув ташкил этди.
Унда вилоят футбол ассоциацияси мутасаддилари, вилоятдаги футболга алоқадор бўлган бир қатор таниқли шахслар иштирок этишди. Жумладан, Андижон вилояти футбол ассоциацияси вице-президенти Бекзод Каримов, Андижон болалар ва ўсмирлар футбол академияси директори Насибилло Мадраҳимов, Андижон болалар ва ўсмирлар футбол мактаби директори Фарруҳ Мирзаев, Суперлига ва про-лига мусобақаларида ҳакамлик қилаётган Акмал Раҳимов, «Андижанка» аёллар жамоаси бош мураббийи Раҳим Қодиров, «Андижон» футбол клубининг етакчи ўйинчиларидан бири Иброҳим Отахонов ва андижонлик собиқ футболчи Расул Раҳмонов болажонлар билан учрашишди. Эътиборлиси, мазкур тадбир болажонларда жуда катта таассурот қолдирди. Мутасадди раҳбарлар болажонлар учун бир қатор эсдалик совғаларини ҳам улашдилар.
- Ҳамма тарбия асосан боғчадан бошланади. Болажонлар орасида келажакда футболчи бўлишни орзу қилаётганлари талайгина. Лекин ҳамманинг истак ва хоҳиши турлича бўлади. Биринчи навбатда болажонларга тўғри тарбия беришда сиз тарбиячилар ҳеч қачон чарчаманглар. Биз эса мамлакатимизда футболни ривожлантириш учун ишни аввало боғчалардан бошлашимиз керак. Бу борада эса сизларга қандай ёрдам керак бўлса, ҳаммасини бажаришга тайёрмиз. Аввало болани қизиқишига қараб спорт турларига бериш керак. Буни ота-оналар ҳам тушунишса яхши бўларди. Ҳеч қачон бирор касбга мажбурлаб бериб бўлмайди. Балки ҳозир бу ерда ўтирган болажонлар орасида келажакда ҳокимлар, катта-катта ташкилот раҳбарлари, етук футболчилар бордир. Болаларнинг кўзлари қувнаб турибди. Биз стадионларга футбол учрашувлари учун болажонларни ҳам таклиф қилиб қоламиз. Сизлар учун ҳамма шароитларни яратамиз. Фақат сиз тарбиячилар болажонларни чиройли тарзда тарбиялаб берсанглар бўлди. Умид қиламанки, булар келажакда вилоятимиз, ватанамиз учун хизмат қиладиган ажойиб инсонлар бўлиб етишишади. Масалан, мактабда бола аввало алифбодан ўрганади. Футболда ҳам худди шундай ва шу боис ҳам биз боғчалардан ишни бошлаяпмиз, - дея фикр билдирди Бекзод Каримов.
Шундан сўнг футбол раҳбарлари ва футболчилар ҳам ўзининг самимий тилакларини билдирган ҳолда болажонларга футболнинг мазмун моҳиятини тушунтиришди. Шунингдек, боғча мудираси Нозима Исроилова ёш болажонларни футбол билан янада яқинроқ таништириш ва уни жонли равишда ҳис қилишлари учун вилоятдаги футбол жамоаларининг машғулотлари ҳамда ўйинларига экскурсиялар ташкил этишни сўраб Бекзод Каримовга мурожаат қилди. Бунга жавобан футбол ассоциациясининг биринчи вице-президенти болажонларни футбол жамоаларининг машғулотларига, ўйинларига юбориш бўйича ҳам ишларни ташкил этишини маълум қилди. Шу билан бирга 25-мактабга таълим муассасининг ҳовлисида болалар учун майдонча қуриб бериш борасидаги таклифни ҳам Бекзод Каримов ижобий баҳолаган ҳолда тез орада у ерда болажонларнинг футбол билан ҳамнафас бўлиш мақсадида майдонча барпо этиладиган бўлди.
Бу йўналишдаги ишларни келгусида ҳам мунтазам равишда ўтказиб бориш белгилаб олинди.