Ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академиялари ўртасидаги "Келажак сари" мусобақаси 11 май куни бошланади

  • Mr.NoBoDy03.05.2019 16:00
  • 1025
  • 30

 
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 16 мартдаги “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3610-сонли ҳамда Ўзбекистон Республикаси  Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 июндаги 410-сонли “Спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернатлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорларига асосан Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болалар-ўсмирлар футбол академиялари ташкил этилиб, мазкур футбол академиялар фаолиятини тўғри йўлга қўйиш борасида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 
 
Хусусан, истиқболли ва иқтидорли ёш футболчиларни танлаш ва тайёрлашнинг самарали тизимини яратиш, болалар футболини ривожлантириш ва терма жамоаларимиз учун муносиб номзодларни шакллантириш борасида катта ҳажмдаги ишлар бажариляпти.
 
Бугунги кунга келиб, ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларида 2152 нафар ёш футболчилар таълим олишмоқда. Футбол академияларида таълим ва ўқув-машқ  жараёнини ташкил этиш халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган ўқув-машғулот режалари ва футболчиларни босқичма-босқич тайёрлаш дастури билан амалга оширилиб келинмоқда.
Шунингдек, тарбияланувчиларни жисмоний тайёргарликларини яҳшилаш мақсадида, овқатланиш меъёрларига мувофиқ, спортчи менюси асосида витамин ва оқсилларга бой, калорияли таомлар билан биргаликда доимий сарҳил мевалар билан бойитилган таомномалар бўйича тўрт маҳал иссиқ овқат билан таъминланмоқда.

Тарбияланувчилар - футбол академияга энг яқин ҳудудда жойлашган умутаълим мактабида таҳсил олиб келишмоқда. Дарсдан ташқари академия тарбияланувчилари учун “English for football” инглиз тили тўгараги ташкил этилган. Бундан ташқари, ҳафта давомида вилоятдаги малакали ҳакамлар томонидан тарбияланувчиларга футбол қоидаларига оид ўқув-семинарлар ўтказилиб келинмоқда, шунингдек, академиянинг битирувчиларини келажакдаги тақдири юзасидан ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, битирувчиларни футбол клубларига, мураббийлик ва ҳакамлик фаолиятига, олий ўқув юртлари ҳамда чет элда ўқитиш юзасидан бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
 
Шу билан бирга, истиқболли ва иқтидорли футболчиларни турли ёш тоифадаги миллий терма жамоалар ҳамда профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар болалар-ўсмирлар  футбол академияларининг U-14, U-15,U-16, U-17 ёшдаги тарбияланувчилари ўртасида Ўзбекистон чемпионати ҳамда U-18 ёшдаги тарбияланувчилари учун “Келажак сари” халқаро мусобақаси ташкил этилган.
 
Эртага 4 май Ўзбекистон чемпионатининг 4-тур учрашувларига старт берилса, “Келажак сари” халқаро мусобақаси 11 май куни бошланиши кўзда тутилган.  

Ўхшаш янгиликлар