ПФЛда Суперлига клублари бош мураббийлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди

  • Mr.NoBoDy14.05.2019 09:00
  • 1114
  • 30

 
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг топшириғига асосан Суперлига учрашувларида фаол ўйин вақтини ошириш, қолаверса футболчиларнинг жисмоний ҳолати ва тайёргарлигини энг яхши даражага олиб чиқиш бўйича Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси амалий ишларни бошлаб юборди.
 
Шу мақсадда бугун ЎзПФЛ биносида Суперлига клублари бош мураббийлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда қатор масалалар муҳокама этилди. 
 
Жумладан, айни пайтда Суперлига ўйинларда аксарият ҳолатларда фаол ўйин вақти 55-60 дақиқа атрофида бўлмоқда. Ушбу вақтни янада кўпайтириш, фаол ўйин вақтини ошириш мақсадида Суперлига клублари ҳам эндиликда ҳар бир футболчи билан индивидуал тарзда ишлаш ва унинг спорт формасини мунтазам таҳлил этиб бориш тартибига ўтади.
 
Ҳозирда миллий терма жамоа ва олимпия терма жамоага номзод футболчилар жисмоний тайёргарлиги ва уларнинг спорт формаси барқарорлиги мунтазам равишда текшириб, таҳлил этиб борилмоқда.
 
Ушбу амалиётни Суперлиганинг барча клубларида татбиқ қилиш эса ҳар бир клуб ихтиёрида бўлган ўйинчиларнинг мавсум давомида бир маъромдаги спорт формасини ушлаб туриши, бу эса ўз навбатида майдонда ўйин темпининг ошишини таъминлаши тайин.
 
Бу борада Суперлига клублари устозларининг ҳар бири ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашди. Аён бўлдики, мураббийлар ҳам ҳар бир шогирди жисмоний ҳолати, унинг ҳафта давомидаги машғулотларда бажарган нормалари ва бошқа кўрсатгичларидан аниқ хабардор бўлиб боришидан мамнун бўлади. Натижада қайсидир футболчида у ёки бу жиҳат оқсаётган бўлса, мураббий шундан келиб чиққан ҳолда унга юкаламалар беради. 
 
Йиғилиш давомида мураббийлар бу борадаги ўз саволлари, таклифларини билдиришди, қолган клублар устозлари билан ўзаро фикр алмашиб, Суперлига учрашувларида кескинлик ва шиддат, жозибадорлик ва томошабопликнинг ошишида машғулотларнинг интенсивлигини ошириш ва жисмоний тайёргарлик жиҳатига янада кўпроқ урғу берилиши аҳамияти батафсил муҳокама этилди. 

Ўхшаш янгиликлар