Тиббий қўмита томонидан илмий-амалий конференция ташкил этилди

  • Mr.NoBoDy15.12.2021 10:05
  • 810
  • 30

Аввал хабар берганимиздек, футболимиз тиббиёти самарадорлигини янги савияга олиб чиқиш, барча жамоалар, футбол академиялари тиббий ходимларининг малакасини ошириш, уларнинг фаолиятини замон талабига мос равишда мувофиқлаштириш мақсадида ЎФА қошида Тиббий қўмита ташкил этилди.

Бугун мазкур қўмита бошчилигида ҳудудий болалар ва ўсмирлар футбол академияларининг тиббий ходимлари иштирокида илмий-амалий конференция ташкил қилинди.

Анжуманда иштирок этган ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов футбол тиббиётини тизимли ривожлантириш, ушбу соҳадаги барча мутахассислар малакасини ошириш ва улар фаолиятини мукаммаллаштириш борасида қилиниши керак бўлган ишларга тўхталиб ўтди.

“Бугунги кунда тиббиёт соҳасига тўғри ёндашиш спортдаги муваффақиятнинг асосий қисмини ташкил этади. Тиббиёт мутахассислари мураббийларнинг энг яқин ёрдамчилари, хорижда бу тизим жуда аниқ ишлайди. Энг обрўли мураббийлар ҳам жамоа шифокорлари билан ҳисоблашиб иш кўришади. Айнан ўзимиз ҳам мана шундай тизимни, илмий-таҳлилий ёндашувни тўғри йўлга қўйса олсак, келажакда — катта турнирларда бу борада бизда муаммолар бўлмайди. Эндиликда спорт тиббиёти йўналишига эътибор ҳар галгидан ўзгаради”, деди Равшан Эрматов.

Конструктив руҳда кечган мазкур анжуманда футболимиз келажаги бўлмиш ёш футболчилар униб-ўсаётган академияларда малакали тиббий хизматни ташкил қилиш, тарбияланувчиларнинг жисмонан соғлом ва бақувват бўлишида тўлақонли овқатланиш ва зарур витаминизацияни қандай йўлга қўйиш, тиббий кўрикни ташкил қилиш каби масалалар қаторида, келажакда юксак марраларни мўлжал олган ёшларимизни она Ватанга содиқ, қалбида ушбу миллатдан фахр ва ифтихор туйиш руҳида тарбиялаш йўлида тиббий ходимнинг ўрни ва асосий вазифалари белгилаб берилди.

Барча иштирокчиларга тиббий қўмита томонидан ишлаб чиқилган, академия шифокорларининг ишларини мувофиқлаштирувчи “Тиббий қўлланма” тақдим этилди. Шунингдек, йиғилиш давомида мутахассислар фикрлари тингланиб, қисқа муддат ичида амалга оширилган бир қатор ишлар ва келгуси режалар муҳокама қилинди.

Ўхшаш янгиликлар