Умид Аҳмаджонов Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти бўлди

  • Mr.NoBoDy03.03.2019 14:50
  • 1489
  • 30

 
Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё Олимпия Кенгашининг 38-Бош Ассамблеяси (ООК) ўз ишини давом эттирмоқда. Мазкур тадбирда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси президенти, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Биринчи вице-президенти Умид Ахмаджонов ва Бош котиб Жасур Матчанов ҳам иштирок этишмоқда.
 
Бош Ассамблея давомида 2019-2022 йиллар учун ташкилот раҳбариятига, Ижроия Қўмитаси ва доимий комиссиясига аъзолар сайланди. Биз учун аҳамиятли томони шундаки, Осиё Олимпия Кенгаши вице-президентлиги лавозимига Марказий Осиё минтақасидан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджоновнинг ҳам номзоди илгари сурилди. Сайловда иштирок этганлар бир овоздан Умид Аҳмаджонов номзодини қўллаб-қувватлашди ва шу тариқа у Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти бўлди.
 
Эслатиб ўтамиз, Умид Аҳмаджонов шунингдек Марказий Осиё футбол ассоциацияси (CAFA) президенти ҳам ҳисобланади.
 
«Менга ишонч билдириб, овоз берганингиз учун раҳмат айтаман. Ушбу ишонч менга ғурур бағишлайди, шу билан бирга бу катта масъулият ҳамдир. Мен ушбу лавозимда нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси манфаатларини ҳимоя қиламан. Асосий мақсадим ХОҚ Ижроия Қўмитаси аъзолари сафидан ўрин олишдир. Халқаро Олимпия қўмитаси таркибига кириш учун бор кучимни ишга соламан«, – деди Умид Аҳмаджонов.

Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.

Ўхшаш янгиликлар