ЎФА ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўртасида меморандум имзоланди

  • Mr.NoBoDy02.02.2022 10:05
  • 2796
  • 30

Мамлакатимизда спортнинг барча соҳаларини ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёш авлодни ҳар жиҳатдан етук ва комил инсонлар сифатида улғайтиришга юксак даражада эътибор қаратилмоқда.

Бу борада спортни оммавийлаштириш, хусусан, болалар спортини ривожлантириш борасида соҳага профессионал кадрларни жалб этиш, уларни малакасини ошириб бориш энг муҳим вазифалардан биридир.

Бугун Ўзбекистон футбол ассоциациясида ЎФА ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Унда томонлар илмий, ўқув-услубий, педагогик иш фаолиятлари, халқаро ҳамкорлик бўйича олиб борилаётган ишлар юзасидан ўзаро тажриба алмашиш, хорижий мутахассислар иштирокида маъруза-семинарлар, илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш тўғрисида фикр алмашдилар.

Учрашувда университетнинг иқтидорли талабалари орасидан истеъдодли футболчиларни саралаб олиш, ҳакам, селекционер ва мураббийликка иқтидори бор ёшларга таълим бериш ва соҳага жалб этиш борасида келишувга эришилди.

Шунингдек, суҳбат давомида футбол мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, илмий-методик ва инновацион технологияларни жорий этиш орқали футбол соҳасида етук ва чуқур билимга эга кадрлар тайёрлаш бўйича ЎФА қошида Футбол мутахассисларини тайёрлаш маркази ҳам фаолият кўрсатаётганлиги, у ерда 7 йўналишда кадрлар тайёрланаётганлиги қайд этилиб, ушбу келишув иккала томон учун ҳам манфаатли бўлиши таъкидланди

Бундан ташқари, университетнинг «Футбол» кафедраси профессор-ўқитувчиларини ассоциациянинг халқаро ўқув курсларига мураббийлар таълими бўйича инструктор ёки инструктор ассистенти сифатида жалб қилиш ва тингловчиларнинг билимларини такомиллаштириш мақсадида футболга замонавий, илмий-таҳлилий материаллар жорий этиш, улар устида биргаликда ишлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида ЎФА ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш тўғрисида Меморандум имзоланди. Унга кўра, томонлар Ўзбекистонда футболни аҳоли ўртасида энг оммавий спорт турига айлантириш, университет талабаларидан юқори иқтидорга эга бўлган ёш футболчиларни танлаш, саралаб олиш ва уларни профессионал спортчилар сифатида тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, халқаро талаб ва стандартлар асосида футбол бўйича мутахассисларни тайёрлаш борасида яқиндан ҳамкорлик қилиши коъзда тутилган.

Ўхшаш янгиликлар