Ҳиндистон термаси устози Игор Штимац: "Ўзбекистон – мусобақадаги "сирли тулпор"

  • Mr.NoBoDy 04.01.2024 13:50
  • 303
  • 30

Қатарда ўтказиладиган Осиё кубоги олдидан Ҳиндистон терма жамоаси бош мураббийи Игор Штимац ўз фикрларини билдириб ўтди.

Маълумот учун, Ҳиндистон терма жамоаси Австралия, Ўзбекистон ва Сурия терма жамоалари билан бир гуруҳдан ўрин олган. Игор Штимац Ҳиндистоннинг тайёргарлиги ва рақиблар ҳақида фикр билдирди.

"Биз Доҳага вақтлироқ келишни истадик. Бу ерга мослашишга вақт керак эди. Машғулотларни бошлаб олдик. Бизга бўйи баланд ва кучли ўйинчилар керак. Ҳозир янги футболчиларни синаб кўрадиган пайт эмас. Бу мусобақада аввалдан биз билан бўлган ўйинчиларга таянамиз. 26 футболчидан 17 нафари учун Осиё кубоги биринчи катта мусобақа бўлади.

Биз гуруҳда аутсайдер сифатида кўрилмоқдамиз. Австралия мусобақа фаворитларидан бири. Ўзбекистон - мусобақадаги "сирли тулпор", уларнинг сўнгги натижалари жуда яхши. Тўпга кўп ҳам эгалик қилмаслигимизни ва гол уриш учун имкониятларимиз кам бўлишини биламиз. Бироқ, биз аниқ мақсадни ўз олдимизга қўя олишимиз керак. Асосий вазифамиз гол ўтказмаслик бўлади, ундан сўнг эса гол уришга ҳаракат қиламиз.

Ўйинчиларим мусобақадан завқ олишларини истайман. Натижа ҳақида ўйламасдан, тажриба йиғишга ҳаракат қилишимиз лозим. Мен ўйинчиларга ҳеч қандай босим юкламаяпман. Майдонга тушамиз ва жанг қиламиз", - дейди Ҳиндистон термаси устози Игор Штимац.

Эслатиб ўтамиз, Ҳиндистон терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичидаги илк учрашувини 13 январь куни Австралия термасига қарши ўтказади.  Иккинчи турда эса Ҳиндистон термасига Ўзбекистон миллий жамоаси рақиблик қилади. Ушбу учрашув 18 январь куни бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар