Сўровномада Championat.Asia сайти журналистлари, Transfermarkt порталининг рус бўлими ходимлари иштирок этишди. Эксперт сифатида Спорт телеканали шарҳловчиси Отабек Жўраев таклиф этилди.
Якунланган ойда Суперлиганинг энг яхши мураббийи деб Февзи Давлетов тан олинди. Унинг бошчилигидаги "Сурхон" учта ўйинда иккита ғалабага эришди ("Локомотив" 2:1 ва "Сўғдиёна" 4:2), шунингдек сафарда Ўзбекистоннинг янги чемпиони "Насаф" билан дуранг ўйнади (1:1). Давлетов 42% овоз олди, 26% овоз олган "Насаф" устози Рўзиқул Бердиев эса иккинчи бўлди.
"Сурхон" ҳужумчиси Абдуғафур Ҳайдаров октябрь ойининг энг яхши футболчиси деб топилди. 19 ёшли ҳужумчи биринчи тўлақонли мавсумни ўтказмоқда. Учта ўйинда Ҳайдаров бешта гол урди: "Насаф" ва "Локомотив"га биттадан, "Сўғдиёна"га қарши баҳсда эса хет-трик қайд этди. Ҳайдаров сўровномада 68% овоз олди.