ads


Якун яқин: А Серия 37-тур превьюси

  • Mr.NoBoDy 14.05.2022 13:00
  • 234
  • 30

Бугун Италия чемпионатининг навбатдаги тур учрашувларига старт берилади.

"Рома" - "Венеция"

"Жалоросси" ўйинга яхши формада етиб келди. Ҳали тикланишда давом этаётган Генрих Мхитаряндан ташқари, Жозе Моуриньонинг ихтиёрида тўлиқ таркиб бор. "Бўрилар"дан "сюрпризлар" кутишга ҳожат йўқ. "Венеция" А Сериядаги охирги ўйинларини холисона ўтказмоқда. Жамоа элитадан тушиб кетиши аниқ бўлиб улгурди. Шу сабабли, мавсум давомида камроқ ўйнаган футболчиларга имкон берилиши мумкин.

Ўтган ўзаро баҳсда "Венеция" уйда 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган. Бу сафар эса "Рома"нинг кайфияти бошқачароқ бўлиши табиий. Жамоа нафақат еврокубокда иштирок этиш учун курашмоқда, балки "Венеция"ни мағлуб этиш учун ҳам бор кучи билан ҳаракат қилади. Меҳмонлар иккинчи марта ҳайрон қолдириши қийинроқ бўлса керак.


"Наполи" - "Женоа"

"Наполи"нинг ҳолати яхши, етакчилар сафда ва ёрқин ўйин намойиш этиш учун тайёр туришибди. "Женоа" эса А Серияда қолиш учун бор кучи билан курашишига тўғри келади. Жамоада ўтган ҳафтага нисбатан йўқотишлар камроқ. Шундай экан, Балардинининг танлов имконияти кенгроқ бўлади.

Биринчи давра учрашувида "Наполи" Генуядан ғалаба билан қайтган (2:1). Бу гал ҳам фаворит ҳисобланмоқда. Лекин "Женоа" ҳам шунчаки қараб турмайди.


"Милан" - "Аталанта"

Стефано Пиоли шогирдлари муҳим баҳсга тўлиқ тайёр. Ҳамма футболчилар сафда, мураббий эса рақибини ҳайрон қолдириш имкониятига эга. Бироқ албатта, катта ўзгаришлар кутишга ҳожат йўқ, ҳужумда Леао ва Жиру ўйнайди. "Аталанта"да Дуван Сапата учрашувни ўтказиб юборади. Шунингдек, Толои майдонга тушиши сўроқ остида турибди. Асосий таркибда Муриэлнинг ортида ўтган баҳсда ажойиб ўйин кўрсатган Пашалич ҳаракатланиши мумкин. Малиновский эса унга ёрдам беради.

Ўтган сафар "Милан" Бергамодан 3:2 ҳисобидаги осон бўлмаган ғалаба билан қайтган. Табиийки, ушбу учрашувда ҳам фаворит. Ахир шунчаки турнир жадвалининг етакчиси бўлиб тургани йўқ-ку?! Аммо бергамоликларга ҳам паст баҳо бериш тўғри эмас, қолаверса, бу ўйин улар учун жуда муҳим. Баҳс кескин курашларга бой бўлиши кутилмоқда.


"Кальяри" - "Интер"

Сардиния клуби хавфли зонада турибди, шу сабабли, эҳтиёткор бўлиши лозим. Қувонарлиси, фақат Радуванович дисквалификация қилинганини айтмаганда, таркибда сезиларли йўқотишлар йўқ. Нандес ва Рог ҳали тўлиқ тикланиб улгурмагани учун майдонга тушиши сўроқ остида турибди. "Интер" ҳақида айтадиган бўлсак, Сардинияга Матиас Весинодан ташқари, кучли такриб учиб бормоқда. Симоне Индзаги кубокдаги ғалабадан сўнг, таркибга ўзгартириш киритадими йўқми, бу жуда қизиқ. Лекин етакчилардан бирортаси ўйинни захира ўриндиғида бошлаш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

"Интер" 1-давра баҳсида рақибини 4:0 ҳисобида мағлуб этган. Бироқ ўшанда ўйин бошқачароқ бўлгани ва бу сафаргисига ўхшамаслигини тан олиш лозим. Умуман олганда, букмекерлар "Кальяри"га ишонишмаяпти, аммо жамоа элитада қолиш учун астойдил ҳаракат қилишини унутмаслик даркор.


"Ювентус" - "Лацио"

"Кекса синьора" сафида охирги пайтлар муаммолари бўлган Влахович ҳам, Куадрадо ҳам майдонга тушиши мумкин. Аммо Локателли ва Маккени ҳамон жамоасига ёрдам беролмайди. Ҳужумда Дибала, Мората ва Влахович учлигини кўришимиз эҳтимолдан ҳоли эмас. "Бургутлар"да ҳам йўқотишлар деярли йўқ. Сергей Милинкович-Савич ва Луис Альберто тикланиб улгуриши кутилётган бўлса-да, Марушич майдонга тушиши сўроқ остида қолмоқда.

Аввалги ўзаро ўйинда "Юве" меҳмонда ғалабага эришган (2:0). Жамоа бу гал ҳам фаворит, лекин Европа Лигаси йўлланмаси учун астойдил курашаётган "Лацио"да баҳсга бўлган иштиёқ баландроқ. Учрашув қизиқарли бўлиши тайин, чунки туринликлар кетма-кет икки мағлубиятдан сўнг, нималарга қодир эканини кўрсатиб қўйиши лозим.


Сергей Румянцев

Ўхшаш янгиликлар