Любинко Друлович: "Биз кучли жамоани шакллантиришга ҳаракат қиламиз"

  • Mr.NoBoDy26.01.2019 15:34
  • 5619
  • 30

 
Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг янги бош мураббийи Любинко Друлович билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Дастлаб, Любинко Друлович дастлабки таасуротларини билдириб ўтди: 
 
"Авваламбор, барчага салом. Бир ой аввал Ўзбекистонга ташриф буюриб, ЎФАнинг лойиҳаси билан танишгандим. Бу лойиҳа менда яхши тассурот қолдиргани сабабли Ўзбекистон олимпия терма жамоасини бошқаришга розилик бердим. Умид қилиб қоламанки, биз олдимизга қўйган вазифамизни уддалаймиз.
 
Ўзбекистон U-23 терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги муваффақиятидан хабарим бор. Сизларда кучли футболчилар кўп. Ана шу футболчилар ёрдамида Олимпиада мусобақасига йўлланмани қўлга киритишимизга ишонаман. Биз кучли жамоани шакллантиришга ҳаракат қиламиз.
 
Олимпиада йўлланма берадиган Осиё чемпионатига саралаш босқичига икки ойча муддат бор. Саралаш босқичи Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган. Биринчи навбатда бор эътиборимизни мана шу саралаш босқичига қаратамиз. Бу мусобақада муваффақиятли қатнашиб, Осиё чемпионатига йўлланмани қўлга киритишимиз керак. Кейин Осиё чемпионатига тайёргарликни бошлаймиз
 
Олимпия терма жамоасининг мураббийлар штаби ҳақида. Менга икки нафар сербиялик мутахассис ва ўзбекистонлик Равшан Ҳайдаров ёрдам беришади. Сербиялик ёрдамчиларим рус тилини яхши билишади. Бу эса футболчилар билан мулоқот қилишда қулайлик юзага келтиради. Равшан Ҳайдаров билан эса аввалги сафар Ўзбекистонга келганимда учрашганман. У кучли мутахассис ва маҳаллий футболчиларни яхши билади. Ўйлайманки, биргаликда ўз мақсадимизга етамиз.
 
Саралашга икки ойча муддат бор. Менинг фикримча, бу саралашга тайёргарлик кўриш учун етарли муддат. Биз таркибни аниқлаб оламиз, кейин улар билан тактик машғулотлар ўтказамиз. Ҳозирда Олимпия терма жамоаси Туркияда машғулотлар олиб бормоқда. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати яхши. Февраль ойида икки ҳафталик йиғин ўтказамиз. Бир қатор назорат учрашувлари ҳам режалаштирилган.
 
Бизда Осиё чемпионати саралашидаги рақибларимиз ҳақида етарлича маълумот бор. Уларнинг сўнгги ўйинларини яна бир бор таҳлил қилиб чиқамиз. Кейин шундан келиб чиқиб уларга қарши ўйинларга тайёргарлик кўрамиз. Ўйлашимча, бу бўйича бизда муаммо бўлмайди", - дейди Друлович.

Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси расмий сайти.

Ўхшаш янгиликлар