Рустам Абдуҳамидов: "Амалдаги финалчиларнинг чиқиб кетиши ва "Қизириқ" Ўзбекистон кубогининг сенсациясига айланди"

  • Mr.NoBoDy 02.05.2024 07:25
  • 99
  • 30

"Машъал" жамоаси Про лигадаги дадил юришини Ўзбекистон кубогида ҳам давом эттирди.

Муборакликлар ОКМК, "Арал академия", "Бухоро" билан бир гуруҳдан ўрин олган эди. Асрор Алиқулов шогирдлари якунда 7 очко билан кейинги босқичга йўл олди. Гуруҳ босқичидаги ўйинлар ҳақида "Машъал" футболчиси Рустам Абдуҳамидов фикрлари билан ўртоқлашди. 

"Авваламбор, барча Ўзбекистон халқини қўлга киритилган Олимпиада йўлланмаси билан табриклайман. Терма жамоамиз Париждаги мусобақада ҳам муносиб иштирок этишига ишонамиз. Бевосита кубок баҳсларига тўхталадиган бўлсак, осон бўлмаган гуруҳда биринчи ўринни эгалладик. Амалдаги финалчи ОКМК, Суперлигага чиқишга асосий даъвогар "Бухоро" билан куч синашишимизга тўғри келди. 

Гол ўтказиб юбормаётганимиз ҳар бир ўйинга жиддий ёндашаётганимиздан. Мураббийлар ишлаб чиққан режа асосида ўйнамоқдамиз. Жамоавий иш самарасини бермоқда. 

ОКМК билан ўйинга тўхталсам, бундай кучли жамоаларга бўш худуд бериб бўлмасди. Акс ҳолда сизни жазолашади. Биз зич ҳаракат қилиб ўз имкониятларимизни кутишимиз талаб қилинганди. Ўша имконият бўлди ва якунда ғалаба қозондик. 

Амалдаги финалчиларнинг гуруҳда қолиб кетиши ва "Қизириқ"нинг кейинги босқичга йўлланма олиши сенсация бўлса керак",- дейди Рустам Абдуҳамидов.

Ўхшаш янгиликлар