Кеча Ўзбекистон олимпия терма жамоасига ғалаба учун нима етишмади? Николай Егоричевнинг фикрлари

  • Mr.NoBoDy 04.05.2024 11:50
  • 99
  • 30

Сайтимизнинг россиялик журналисти кеча U-23 Осиё кубоги финалини таҳлил қилди.

Championat.Asia мухбири Николай Егоричев ўз телеграм каналида кеча Ўзбекистон терма жамоаси Японияга мағлуб бўлган (0:1) U-23 Осиё кубоги финали ҳақидаги ўз фикрларини чоп этди.


"Кимдир ўйин ҳақидаги фикрини финал ҳуштаги янграши билан ёзишни яхши кўради. Менимча, бундай матнларда одатда кўпроқ эмоция ва асос камроқ бўлади.

Финални бой бериш аламли бўлдими? Албатта. Ҳа, яна ҳам кетма-кет иккинчи марта!

Ўйиндан сўнг ҳамкасбларимга "Финални ҳамма ютиши мумкин. Лекин кетма-кет икки финалда мағлуб бўлишга уриниб кўрчи! Бу маҳорат" деб ҳазил қилдим. Аммо, икки йил олдинги U-23 Осиё кубоги финали билан таққослаганда кўп фарқ бор.

Ўшанда Саудия Арабистонига қарши ўйинда Ўзбекистонда деярли имконият бўлмаганди. Саудияликлар яхши тайёр ва нисбатан яқинда йиғилган Тимур Кападзе жамоаси бунга туриб бера олмаганди. Ўша таркиб "хом", шунингдек рақибдан кўра бир неча йилга ёш эди. Ўйинчиларнинг кўпи 19-20 ёш, бу вақта саудияликларда асосан 22 ёшли футболчилар эди. Икки йилдан сўнг бу жамоа ўйнаб кетди, янги ўйинчилар қўшилди ва янгиланган Саудия Арабистони мағлуб бўлди.

Шунингдек, ўша ўйинда кўплаб араб жамоалари учун таалуқли бўлган ҳаракатни қайд этиш керак: саудияликлар вақт чўзишди, симуляция ижро этишди ва ҳар томонда Ўзбекистон терма жамоаси ўйинчиларининг асабларига ўйнашди. Бу нарса бу сафарги чорак финалда ҳам рўй берди, аммо ўйин бўйича устунлик биз томонимизда эди.



Япония - умуман бошқача рақиб. Бу совуққон ҳисоблаш, йиртқич интизом ва ақл бовар қилмас "жисмоний ҳолат". Кеча шу нарса кўзга ташланди: японлар майдонда турнирдаги сўнгги эмас, балки биринчи ўйиндек ҳаракат қилишди! Бундай рақиблар фонида жисмоний тайёргарлик даражаси фарқи янада кўзга ташланади. Ўзбекистон терма жамоаси яхши ҳолатда эди, аммо японлардан ўтиш учун шунчаки "улардан ҳам ўтиб кетиш керак", буни қилиш эса деярли имконсиз эди.

Бунга қарамай Тимур Кападзе жамоаси рақибдан ёмон эмасди. Ҳа, ўйин якунида Ўзбекистон терма жамоаси деярли икки баравар кўп зарба бергани кўришимиз мумкин, аммо улардан нечтаси ҳақиқатдан ҳам хавфли чиқди? Бундай журналистларга хос гапни ёмон кўраман, аммо ўйин ҳақиқатдан ҳам деярли тенг эди.


Кеча Ўзбекистон терма жамоасига нима етмаганини ўйлаган ҳолда бир нечта факторларни қайд этган бўлардим:

1) Легионерларнинг кетгани. Кимдир буни "баҳона" деб ҳисоблайди, аммо факт фактлигича қолади: мудофаадаги Ҳусанов ва рақиб дарвозаси олдидаги Аббос билан ўйин бошқача бўлиши мумкин эди. Абдуқодирнинг кечаги ўйинда иштирок этмагани, Аббосни эса кечадан олдинги куни атиги 20 дақиқага майдонга чиққани икки карра аламли.

2) Олимпиадага куч. Ўзбекистон терма жамоаси асосий вазифасини бажарди ва тарихда илк бор Олимпиадаги йўлланма олди. Ярим финалдаги Индонезияга қарши ўйин ўзига хос финал бўлганди дейиш мумкин. Энди кетма-кет иккита финални уч кун фарқ билан ўтказишни тасаввур қилаверинг!

3) Ҳиссий чарчоқ. Албатта, ўзбек футболчилари араб ва форслардан анча узоқда, аммо барибир ҳиссиёт кўп. Олдинги бандда айтганимдек, катта эътибор айнан ярим финалга берилганди. Ғалабадан бўлган қувонч ҳам "финалча" бўлганди - рақслар, кийим алмаштириш хонасидаги қўшиқлар. Менимча, айнан ҳиссиёт Ўзбекистон терма жамоасига кечаги Японияга қарши ўйинда етишмади. Японларда эса ҳиссиёт умуман йўқдек: улар ҳеч қандай эътирозсиз ўз ишларини бажарадиган роботларга ўхшайди.



Пенальти эса... Пенальти ҳақида гапиргим келмаяпти. Бу суҳбат учун умуман алоҳида мавзу. Январдаёқ катталар Осиё кубогида бунга гувоҳ бўлдик. Агар "нуқтадан" ўз зарбасини Машариповдек уста амалга ошира олмаса, ёшгина Раҳмоналиевни танқид қилишдан маъно нима?

Пенальти тепиш - бу алоҳида скилл. Уни шуғуллантириш керак. Бу зарба техникаси, психологик чидам ва қарор қабул қилиш. Кимдир дарвозабонга мўлжал қилади ва югуришдаги паузалар билан уни "қимирлатишга" ҳаракат қилади. Кимдир дарвозабон ололмайдиган қилиб ён тарафнинг юқорисига зарба беради. Кимдир ўйинчи ўзига ишонмаса марказга тепишни маслаҳат беради. Аммо, олдин айтганимдек, бу ҳам доим ишламаслигини январда кўрдик.

Яна барчаси бошқача бўлиши мумкиндек (ёки бўлиши керак) ҳис бор. Ҳудди катталар ўртасидаги Осиё кубогидагидек. Аммо, ҳар қандай ҳолатда ҳам Ўзбекистон олимпия терма жамоасига ушбу турнир учун раҳмат. Яна икки йилдан сўнг олтин медалларни олишга уриниб кўрамиз. Балки учинчи имкониятда буни қилишнинг уддасидан чиқармиз".

Ўхшаш янгиликлар