Менда етти ёшлигимдан қолган унутилмас хотира мавжуд. У шунчалик равшан кўринадики, ҳозир ҳам бемалол кўз олдимга келтира оламан ва у менга ёқимли кайфият бағишлайди. Ушбу хотира оилам билан боғлиқ.
Ўшанда мен чинакам футболни эндигина ўйнашни бошлаган эдим. Илгари Мадейра кўчаларида дўстларим билан шунчаки тўп тепиб юрардим. Кўча деганда бўм-бўш йўлни эмас, ҳақиқий кўчани назарда тутяпман. Бизда дарвоза ҳам, бошқа бирор нарса ҳам йўқ эди, машиналар ўтганда ўйинни тўхтатишга мажбур бўлардик. Мен бундан жуда мамнун эдим, лекин отам "Андорина" футбол клубида кийим-кечимларга масъул шахс бўлиб ишларди ва у мени ёшлар жамоасига боришга ундарди. Билардимки, бу ишим отамни жуда хурсанд қиларди, шунинг учун таклифини ерда қолдирмадим.
Биринчи куни мен тушунмайдиган кўп қоидалар бор эди, лекин менга у ер ёқиб қолди. Мен жамоанинг структураси ва ғалабага бўлган ташналигига ўрганиб қолдим. Ишчилар кийимидаги серсоқол отам ҳар ўйинни бир четда томоша қиларди. У ўйинимдан завқланарди. Аммо онам ва сингилларим футболга қизиқмасди.
Шу сабабли, ҳар куни кечки овқат пайтида отам уларни менинг ўйинимни томоша қилиш учун ундашга ҳаракат қиларди. Дадам менинг биринчи агентим десам муболаға бўлмайди. Ёдимда, у билан ўйинлардан қайтганимиздан сўнг тўлқинланиб, "Криштиану гол урди!" дея оила аъзоларимга айтиб берарди.
Улар эса: "Вой, зўр-ку," дейишарди.
Лекин умуман ҳаяжонланишмасди, оддий гап эшитгандек қабул қилишарди, тасаввур қиляпсизми?
Отам кейинги сафар уйга келиб: "Криштиану иккита гол урди!" дерди.
Уларда эса ҳамон ҳаяжондан асар кўринмасди. Шунчаки: "Жуда яхши, Криш," деб қўйишарди.
Хўш, мен нима қила олардим? Шунчаки гол уришда давом этавердим.
Бир куни кечқурун отам уйга келиб: "Криштиану учта гол урди! У ажойиб ўйнади! Унинг ўйинини кўришларинг керак!" деди.
Лекин барибир ҳар бир ўйин бошланиши олдидан майдон четига қарардим ва ёлғиз отамнинг ўзи турганига гувоҳ бўлардим. Бир куни (бу лаҳзани ҳеч қачон унутмайман) чигил ёзиш машқларини қилиб, ўгирилиб қарадим ва онам ҳамда опа-сингилларимнинг трибуна ўриндиқларида ўтирганини кўрдим. Улар... қандай десам экан? Улар жуда қулай жойлашганга ўхшарди. Улар бир-бирларига яқин ўтиришган, қарсак чалишмас, қичқиришмас, шунчаки менга қўл силкишарди, худди мен парадда қатнашаётгандек. Улар, шубҳасиз, илгари ҳеч қачон футбол учрашувига бормаган одамларга ўхшашарди. Муҳими, улар стадионда эди. Мен фақат шу ҳақда ўйлардим.
Ўша лаҳзада ўзимни жуда яхши ҳис этдим. Бу ҳолат мен учун кўп нарса англатарди. Гўё ичимда нимадир ўзгариб кетгандек бўлди. Ғурурга тўлдим. Ўша пайтларда бизнинг пулимиз кўп эмасди. Мадейрадаги ҳаёт оғир эди. Акамдан қолган ёки амакиваччаларим берган эски ботинкаларда ўйнардим. Аммо бола пайтингда пул ҳақида қайғурмайсан. Сен маълум бир ҳис-туйғу билан яшайсан. Ўша куни бу туйғу жуда кучли эди. Ўзимни жангга отланган севимли қаҳрамонлардек ҳис қилдим. Португалчада буни "menino querido da família" деймиз.
Бундай хотираларни соғинч билан эслайман, чунки ҳаётимдаги бу давр қисқа вақт давом этди. Футбол менга ҳамма нарсани берди, лекин у мени ҳали тайёр бўлмасимдан уйдан узоққа олиб кетди. 11 ёшимда оролдан Лиссабондаги "Спортинг" академиясига кўчиб ўтдим ва бу ҳаётимдаги энг қийин давр бўлди.
Ҳозир бу ҳақда ўйлаш мени ҳайратга солади. Буларни ёзаётганимда ўғлим Криштиану Жуниор мактаб ёшида. Тўрт йилдан кейин унинг сумкасини тайёрлаб, Париж ёки Лондонга жўнатсам, ўзимни қандай ҳис қилишимни тасаввур қиламан. Бу ҳолат деярли имконсиздек туюлади. Ишончим комилки, ота-онам ҳам мен билан хайрлашиш қанчалик қийин эканлигини ич-ичидан ҳис қилишган.
Аммо бу айрилиқ орзумни амалга оширишим учун имконият эди. Шундай қилиб, улар хайрлашишди ва мен кетдим. Деярли ҳар куни йиғлардим. Гарчи Португалияда бўлсам-да, гўё бошқа мамлакатга кўчиб ўтгандек эдим. У ернинг шеваси бутунлай бошқа тилга ўхшарди. Маданият ҳа бошқача эди. Мен ҳеч кимни танимасдим ва ниҳоятда ёлғиз эдим. Оила аъзоларим фақат тўрт ойда бир марта мени кўргани келишлари мумкин эди. Уларни шунчалик соғиндимки, ҳар бир куним изтиробда ўтди.
Футбол мени ҳаракатга келтирди. Мйдонда академиядаги бошқа болалар уддалай олмайдиган ишларни қилаётганимни билардим. Эсимда, биринчи марта болалардан бирининг бошқасига: "Унинг нима қилганини кўрдингми? У йиртқичнинг ўзгинаси", деганини эшитдим.
Бундай гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалина бошлади. Ҳатто мураббийлардан ҳам эшитдим. Лекин шунда кимдир доим: "Ҳа, лекин афсуски, у жуда кичкина," дерди.
Тўғри, мен озғин эдим. Мушакларим йўқ эди. Шунинг учун 11 ёшимда бир қарорга келдим. Иқтидорим кўплигини билардим, лекин ҳаммадан кўра кўпроқ ишлашга қарор қилдим. Ёш боладек ўйнашни бас қилмоқчи эдим. Ўзимни ёш боладек тутишни тўхтатмоқчи эдим. Дунёда энг зўр бўла оладиган даражада шуғулланмоқчи эдим.
Бу туйғу қаердан пайдо бўлганини билмайман, фақат ичимда пайдо бўлганди. Бу ҳеч қачон тарк этмайдиган очликка ўхшайди. Ютқазсанг, оч қолгандек бўласан. Ғалаба қозонганингда, озгина ушоқ ейсан-у, барибир оч қолгандек бўласан. Буни тушунтиришнинг ягона йўли шу.
Кечаси машқ қилиш учун ётоқхонадан яширинча чиқа бошладим. Ўзимнинг шаклланаётганим ва тезлашаётганимни ҳис қилардим. Кейин майдонга чиқардим ва одамлар: "Қойил, лекин у жуда озғин," дея шивирлашарди. Энди улар менга худди қиёмат-қоим бўлгандек қарашади.
15 ёшимда машғулотлар пайтида баъзи жамоадошларимга мурожаат қилдим. Буни жуда яхши эслайман. Мен уларга: "Бир кун келиб дунёнинг энг яхши футболчиси бўламан," дедим.
Улар устимдан роса кулишди. Ўшанда ҳали "Спортинг"нинг асосий жамоасида ҳам эмасдим, лекин бунга ишонардим. Мен чиндан ҳам шундай вазифани амалга оширмоқчи эдим.
17 ёшимда профессионал футбол ўйнай бошлаганимда, онам стресс туфайли ўйинимни деярли томоша қила олмасди. У эски "Хосе Алваладе" стадионида ўйинимни томоша қилиш учун келарди ва катта ўйинлар пайтида шунчалик асабийлашардики, бир неча марта ҳушидан кетган. Жиддий айтяпман, ҳушидан кетган. Шифокорлар фақатгина менинг ўйинларим сабабли унга тинчлантирувчи дориларни ёза бошлашди.
Онамдан "Футболга қизиқмаган пайтларингизни эслайсизми?" деб сўрайман.
Орзуларим тобора кенгайиб борарди. Миллий терма жамоа либосини кийишни, шунингдек, Манчестерда тўп тепшини хоҳлардим, чунки телевизорда доимо Премьер-лигани томоша қилардим. Ўйин шиддати ва мухлислар куйлаган қўшиқлар мени мафтун этарди. Стадиондаги муҳит ўзгача таъсир ўтказарди. "Манчестер Юнайтед" аъзосига айланганим, ўзим учун жуда фахрли иш бўлди, лекин оилам учун янада фахрлироқ бўлган бўлса керак.
Дастлаб, совринларни қўлга киритиш мен учун жуда ҳаяжонли эди. Манчестерда биринчи марта Чемпионлар лигаси совринини ютганимда, ғоятда кучли ҳиссиётда эдим. Биринчи "Олтин тўп"им билан ҳам худди шундай бўлди. Бироқ орзуларим тобора кенгайиб борарди. Орзуларнинг моҳияти шунда эмасми? Мен ҳар доим Мадридга ҳавас қилардим ва янги синовларни истардим. Мадридда совринлар ютиб, барча рекордларни янгилаб, клуб афсонасига айланишни хоҳлардим.
Мадридда ақл бовар қилмайдиган ютуқларга эришдим. Аммо тўғрисини айтсам, кейинчалик фаолиятимда совринлар ютиш бошқача ҳиссиётга айланди. Мадридда ҳамма кубокни қўлга киритмасангиз, бошқалар буни муваффақиятсизлик деб ҳисоблашади. Бу буюкликка бўлган умиддир. Бу менинг вазифамдир.
Бироқ ота бўлганингизда, бу мутлақо бошқача туйғуга айланади. Бун туйғуни тасвирлай олмайман. Шунинг учун ҳам Мадриддаги даврларим ўзгача бўлди. Мен футболчи бўлдим, ҳа, лекин айни пайтда ота ҳам эдим.
Ўғлим билан боғлиқ бир лаҳза борки, уни доимо аниқ-тиниқ эслайман.
Бу ҳақда ўйлаганимда, қалбимни илиқлик қамраб олади.
Бу Кардиффда бўлиб ўтган Чемпионлар лигасининг сўнгги финалида ғалаба қозонганимиздан кейинги лаҳза эди. Ўша кеча биз тарих яратдик. Финал ҳуштагидан сўнг майдонда турганимда, гўё бутун дунёга нимадир дегандек ҳис қилдим. Бироқ ўғлим мен билан бирга нишонлаш учун майдонга чиққанида... бамисоли бармоқнинг қарсиллашидек бўлди. Бир лаҳзада бутун ҳиссиёт ўзгарди. У Марселонинг ўғли билан югуриб юрарди. Биз кубокни биргаликда кўтардик. Кейин қўл ушлашиб майдонни айландик.
Бу ота бўлгунимча тушунмаган қувонч эди. Бир вақтнинг ўзида шунчалик кўп ҳис-туйғулар кечадики, уларни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Мен буни фақат Мадейрада машқ қилаётганимда онам ва синглимнинг трибунада бир-бирига суяниб ўтирганини кўрганимдаги ҳис-туйғуларимга қиёслай оламан.
Нишонлаш учун "Бернабеу"га қайтганимизда, кичик Криштиану ва Марселито барча мухлислар олдида майдонда ўйнаб юришарди. Бу мен унинг ёшида кўчада ўйнаганимдан анча фарқ қиларди, лекин умид қиламанки, ўғлимнинг ҳис-туйғулари меникига ўхшашдир. Menino querido da família.
Бундан кейин ҳам фақат ғалаба қозониш — менинг олий мақсадим. Мен шундай дунёга келганман. Аммо ғалаба қозонгандан кейинги ҳиссиётларим, шубҳасиз, ўзгарди. Ҳаётимда янги саҳифа очилди. Янги бутсаларимга махсус сўзлар ўйиб ёзилган. У товонимнинг устида жойлашган ва мен туннелга чиқишдан олдин ўқийдиган сўнгги сўзларимдир.
Бу охирги эслатма... сўнгги рағбат кабидир. Унда "El sueño del niño" дейилган.
Болакайнинг орзуси.
Эҳтимол, энди тушунгандирсиз.
Менинг вазифам ҳар доимгидек. Рекордларни янгилашни давом эттирмоқчиман. Иложи борича кўпроқ унвонларга эга бўлишни хоҳлайман. Бу менинг табиатимда бор.
Лекин мен учун ўтган давримнинг энг аҳамиятли томони ва 95 ёшимда набираларимга ҳикоя қиладиган нарса - бу ўғлим билан қўл ушлашиб, ғолиб сифатида майдон бўйлаб юриш ҳиссиёти.
Умид қиламанки, биз бу ишни яна такрорлаймиз.
Оқил Абдубарноев тайёрлади.